Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида олинган тиббий буюмларнинг биринчи партияси Ўзбекистонга етказиб берилди
2021 йил 5-мaрт, Тошкент. Шахсий ҳимоя воситаларинг биринчи партияси Ўзбекистонга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаси доирасида етказиб берилди ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширилди. Биринчи партия жарроҳлик ниқоблари, респираторлар, қўлқоплар ва юз қалқончалари каби шахсий ҳимоя воситаларидан иборат. Шахсий ҳимоя воситаларининг иккинчи партияси Тошкентга 12-февралда етказиб берилади.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда COVID-19 га самарали, тез ва мувофиқлаштирилган жавоб қайтариш чораларига бағишланган 34 ойлик лойиҳани амалга оширишга 2 200 000 евро ажратди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатдаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа авваламбор мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларида беморлар билан бевосита алоқа қилаётган тиббий ходимлар ва биринчи бўғин ходимларини шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашга қаратилган. ЖССТ тавсия қилган шахсий ҳимоя воситалари нафақат COVID-19 га чалинган беморлар билан ишлаётган тиббий ходимлар учун, балки бошқа соғлиқни сақлаш хизмат ва муассасаларидаги тиббий ходимлар учун ҳам харид қилиш COVID-19 тарқалишини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
- Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ишончли вакили Юсси Нарви (Jussi Narvi) қуйидагиларни қайд этди: “Бунақанги пандемия, яъни ўтган йилнинг баҳоридан бери ҳукм сураётган пандемия, пайтида бизни вируслардан ҳимоя қилган ҳолда энг асосий эҳтиёжларимиз ҳақида қайғурадиган ва мудофаанинг биринчи чизиғидан жой олган тиббий ходимлар ҳар кунимизнинг қаҳрамонларидир. Уларга миннатдорчилигимиз белгиси тариқасида ўз олдимизга биринчи галдаги вазифани қўйдик – улар ўз ишини хавфсиз ва самарали бажара олишлари учун уларни ҳимоя воситалари билан таъминлаш”.
- ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Д-р Лианне Куппенс (Lianne Kuppens) таъкидлади: “Бу партия COVID-19 га жавоб қайтариш борасида миллий соғлиқни сақлаш органларига кўмак кўрсатиш бўйича ЖССТ ва ЕИнинг қўшма режаси доирасида етказиб бериляпти. Шахсий ҳимоя воситалари мамлакат бўйлаб тиббий ходимлар ўртасида уларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади”.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яқиндан ҳамкорлиги натижасида лойиҳа мамлакатдаги барча тиббий ходимлар учун етарли миқдорда ва юқори сифатли шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш орқали инфекциялар профилактикаси ва инфекцион назорат чораларини мустаҳкамлайди.