Ноябрь ойида ЕИ ва Марказий Осиёнинг вазирлар даражасидаги учрашув ҳамда Марказий Осиё билан ўзаро алоқадорлик бўйича ЕИнинг биринчи минтақавий конференцияси ўтказилади

Европанинг ташқи ҳаракатлар хизматининг юқори лавозимли вакиллари Самарқандда ўтказиладиган Конференцияга тайёргарликни муҳокама қилиш учун вазирликлар ва идоралар раҳбарлари билан учрашиш мақсадида Тошкентга келди.

2022 йилнинг 14-15 июль кунлари жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунларида Самарқандда бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» барқарор ўзаро алоқадорлик бўйича конференцияси ва вазирлар даражасидаги учрашувига тайёргарлик қилиш учун Европанинг ташқи ҳаракатлар хизматини Шарқий ҳамкорлик, Россия, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девинь бошчилигидаги делегация Тошкентда бўлди.  

Марказий Осиё билан барқарор ўзаро алоқадорлик бўйича Самарқанд конференцияси 2021 йил декабрь ойида қабул қилинган ЕИнинг «Глобал дарвоза» номли янги стратегияси доирасидаги ўзаро алоқадорлик бўйича биринчи минтақавий конференция бўлади. Бу эса ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясида (2019) келтирилган барқарорлик, равнақ топиш ва минтақавий ҳамкорлик мақсадларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашувчи умумий концепциялар бўйича ички-ташқи минтақалараро мулоқот учун платформани таъминлайди. Бу Марказий Осиё мамлакатларига модернизациялаш, инвестицияларни рағбатлантириш, рақамлаштиришда ёрдам кўрсатиш, минтақалараро ички савдо ва транспорт ҳамда савдо йўлларини диверсификациялашда кўмак бериш борасида ЕИ саъй-ҳаракатларининг  бир қисми бўлади.  

Ҳар йили ўтказиладиган «ЕИ - Марказий Осиё» вазирлар даражасидаги учрашувда бешта Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили - Европа комиссияси раисининг ўринбосари Жозеп Боррел ва халқаро ҳамкорлик бўйича ЕИ комиссари Ютта Урпилайнен иштирок этади, бу эса, ўз навбатида, ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлигини муҳокама қилиш имконини беради.  

Ўзининг ташрифи давомида жаноб Люк Девинь Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо, Транспорт, шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлари ўринбосарлари билан учрашувлар ўтказди. 

Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан мамлакат 1991 йилда мустақилликка эришганидан бошлаб алоқалар ўрнатди. ЕИ, биринчи навбатда, иқтисодий ривожланиш; самарали бошқарув; рақамли трансформация; яшил ўсиш; барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторини самарали ривожлантириш учун кўмак бериш мақсадида Ўзбекистонга молиявий ёрдам кўрсатмоқда.