UzWaterAware лойиҳаси ҳамкорлар билан биргаликда Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида қатор экологик тадбирларни ўтказди

2020 йилнинг октябр ойида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан амалга оширилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида бир қатор экологик тадбирлар бўлиб ўтди. Тадбирлар мазкур вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек, лойиҳа ҳамкорлари бўлган Юксалиш умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамда Хоразм Агромаслаҳат Маркази (KRASS ННТ) кўмаги остида лойиҳанинг сўнгги сайёр тадбирлари доирасида ташкил этилди.
Сувни тежаш мавзусига бағишланган эко-дарслар доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё ва Хоразм вилоятларининг ўндан зиёд мактаблари, 380 нафар ўқувчилар ва қарйиб 100 нафар педагоглари қамраб олинди. Лойиҳа доирасида сув ресурслари ҳақидаги маълумотларни енгил ва ёрқин кўринишда етказиб беришга аҳамият қаратилди, ҳар бир дарс мобайнида катталар ва болалар учун тайёрланган билим берувчи анимацион роликлар намойиш этилди. Тўлақонли эко-дарс шаклида тақдим этилган бешта роликнинг ҳар бири сув ресурслари ҳамда ундан оқилона фойдаланишнинг аҳамияти мавзусини алоҳида-алоҳида очиб берган.
Бундан ташқари, тадбирлар чоғида ўқитувчилар ва ота-оналар сув ва уни тежаш бўйича болаларга билим беришда дарслик сифатида фойдаланиши мумкин бўлган «Сув ҳақида нима биласиз?» болалар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг илтимосига биноан ушбу китоб қорақалпоқ тилига таржима қилинган ва келгусида туман мактабларида тарқатиш учун 5000 га яқин нусхада Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этилган эди.
Сайёр тадбирлар доирасида ННТ-ҳамкорлар кўмаги остида сайёр тадбирлар доирасида маҳаллий ҳокимият вакиллари, маҳаллалар, жамоат фаоллари, шунингдек шаҳарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича «Ободонлаштириш бошқармаси» ходимлари ҳамда ёшлар ташкилотлари иштирокида сувни тежашга бағишланган экологик учрашувлар ўтказилди. Бундан ташқари, Хоразм вилоятидаги тупроқ тури ва об-ҳаво шароитида дарахт ва ўсимликларни экишда сувни тежовчи гидрогель технологиясидан фойдаланиш бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Шуни таъкидлаш керакки, дарахтларни экиш акцияси Урганчда 2020 йил ноябрь ойи бошларида об-ҳаво шароити қулай бўлган маҳалда ўтказилади.
Мамлакатимизда ва жаҳонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатни инобатга олган ҳолда лойиҳа ва ҳамкорлар санитар-эпидемиологик талабларга амал қилиш бўйича барча чора-тадбирларни кўриб қўйишди. Бундан ташқари, ушбу вилоятлардаги барча экологик тадбирлар иштирокчилари ниқоблар ва антисептик воситалар кўринишидаги шахсий ҳимоя воситалари ҳамда болалар ва катталар учун махсус рангли буклетлар билан таъминланди. Қорақалпоғистон Республикаси (2-3 октябрь), Сурхондарё (8-9 октябрь) ва Хоразм вилоятларига (14-15 октябрь) сайёр ташрифлар чоғида жами 7000 тадан ниқоб, антисептик воситалар ва коронавирусдан ҳимояланиш бўйича буклетлар топширилди.
Шунингдек, 15 октябр куни Урганч шаҳрида «Сув ва ҳаёт рамзи» мавзусига бағишланган ўзига хос ижодий ижтимоий йўналтирилган эскизлар ва ҳайкаллар танловида ғолиб бўлган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳоразм вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Равшан Ҳудойбергановҳ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо, МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали директори ва UzWaterAware лойиҳаси менежери Шаҳноза Умарова тадбирда сўзга чиқишди. Очилиш маросимида ЎзР Сув хўжалиги вазирлиги, ҳамкор – KRASS ННТ, К. Беҳзод номидаги институт ректорати вакиллари, лойиҳа доирасидаги танлов ғолиби, пойтхтлик ва махаллий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
«Шудай ҳайкал айнан бизда Урганчда ўрнатилганидан жуда мамнунмиз. Чунки сув ресурсларини асраш, ундан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишдек муҳим масала бугунги кунда бутун дунёда ҳамжамияти олдида кўндаланг турибди. Доно халқимизда бир гап бор: “Сув — ҳаёт манбаи”. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир инсон, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳаёти сувга боғлиқ. Сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва ўсиб келаётган авлодга етказиб бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир», - деди ҳайкалнинг очилиш маросимида Равшан Ҳудойберганов.
Танлов илк маротаба 2018 йилнинг 22 мартида эълон қилинган ва 2019 йилнинг кузида якунланган эди. Танловда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ва П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактабининг Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридан бўлган ўқитувчилари, талабалари ва ўқувчилари иштирок этишди. Танлов қатнашчилари томонидан йўлланган 60 га яқин асарлар сувнинг қадр-қиммати ва одамлар ҳаётидаги ролини акс эттиради, бир нечта асарлар Орол денгизи ва Орол бўйи минтақасига бағишланган.
«Бугун жаноб Ёқубжонов томонидан яратилган ва оила рамзи бўлган жуда чиройли ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида афсуски фақат видео орқали Сизлар билан бирга эканимдан жуда мамнунман. Менимча, бу жуда яхши рамз, чунки сув — ҳар кимнинг мавзуси. Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш нафақат жамиятнинг олдида турган муаммо, балки ҳар биримизнинг хатти-ҳаракатларимиз акси эканлигини ҳар биримиз тушуниб етишимиз керак. Шу боисдан ҳам мен аминманки, сув ресурсларини муҳофаза қилиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз керак деган фикрга қўшиласиз, лекин умуман олганда, биз ҳавони муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, ўрмонларни муҳофаза қилиш бўйича хатти-ҳаракатларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Аслида буларнинг барчаси индивидуал даражада, бир маромдаги масъулиятли хатти-ҳаракатлар асосида олиб борилиши керак. Биз атроф-муҳитни англаш тушунчамизни ҳақиқатан ҳам ишга солишимиз ва, шу боисдан уни ҳурмат қилишимиз, унга ишонишимиз ва, сўзсиз, уни ҳимоя қилишимиз даркор», - таъкидлади видеомурожаат чоғида Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги делегациясининг ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо.
Танлов якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (лойиҳанинг миллий ҳамкори), ЎзР Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси, ЎзА ахборот агентлиги, UzDaily.uz ахборот портали ва МОМЭМ вакиллари иштирокида ҳакамлар ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди. Учта ёш тоифасида (мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар) энг яхши 9 та асар танлаб олинди. Сув ресурсларининг инсон ҳаёти ва умуман атроф-муҳит учун аҳамиятини энг қизиқарли, ижодкорона ёндошув билан ва маълумотларга бой тарзда акс эттириш танловнинг асосий мезонлари эди.
«Ғолиблардан бири, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти магистранти Хайитмирза Ёқубжоновнинг ҳайкали UzWaterAware лойиҳасининг шиори билан илҳомланган: “Сувни ҳурматласак, фарзандларимиз келажагини ҳурмат қилган бўламиз”. Бу сув — ҳаёт эканлигини эслатиб туради. Одамларнинг силуэтлари ўсиб-улғаяётган ва келажакка интилаётган оила - ота, она ва болани акс эттиради. Оила образи сув оқимини эслатиб юборади - унинг бурилиш жойлари, равонлиги, қуввати ва яхлитлигини намоён қилади», - деди Шаҳноза Умарова.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистонда сув ва экологияни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-таркиб» (ёки UzWaterAware) МОМЭМ томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида 2016 йилдан бери амалга оширилмоқда ва «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сувни барқарор бошқариш» дастурининг бир қисмидир. Лойиҳанинг миллий ҳамкори – Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги. UzWaterAware мамлакатдаги сув ва экологик муаммоларга эътиборни қаратишга муваффақ бўлган ва давлат идоралари, ННТ, ОАВ билан ҳамкорликда аҳоли билан кенг кўламли ишларни амалга оширишга эришган лойиҳалардан бирига айланди.